Эрон Хўрмуз бўғози душман давлатлар кемаларига ёпиқлигини билдирди
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Хўрмуз бўғозидаги вазият юзасидан баёнот бериб, мазкур стратегик йўлак орқали халқаро кемалар ҳаракати давом этаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу муҳим денгиз йўли асосан очиқ бўлиб, фақат айрим давлатларга тегишли кема ва танкерлар учун чекловлар жорий қилинган.
Ароқчи MS Now телеканалига берган интервьюсида Хўрмуз бўғози орқали ҳозир ҳам кўплаб танкерлар ва савдо кемалари эркин ҳаракатланаётганини қайд этди. Бироқ у айрим давлатларга тегишли кемалар учун бу йўлак ёпиқ эканини билдирди.
“Хўрмуз бўғози орқали кўплаб танкер ва кемалар ўтмоқда. У фақат Америка ва Исроилга тегишли кема ҳамда танкерлар учун ёпиқ”, — деди вазир.
Шу билан бирга, Эрон расмийси бошқа давлатлар томонидан минтақадаги денгиз хавфсизлиги юзасидан билдирилаётган хавотирлар Теҳрон сиёсати билан боғлиқ эмаслигини алоҳида таъкидлади. Унинг айтишича, Эрон томонидан фақат мамлакатга қарши ҳаракат қилаётган давлатлар ва уларнинг иттифоқчиларига нисбатан чекловлар қўлланилмоқда.
“Аслида Хўрмуз бўғози очиқ. Фақат бизнинг душманларимизга тегишли танкер ва кемалар учун ёпиқ. Бизга қарши ҳужум қилаётганлар ҳамда уларнинг иттифоқчилари учун. Қолган барча давлатлар кемалари эса бу йўлакдан бемалол фойдаланиши мумкин”, — дея қўшимча қилди у.
Маълумки, Хўрмуз бўғози жаҳон нефть ташувининг муҳим қисми ўтадиган стратегик денгиз йўли ҳисобланади. Шу боис, бу ҳудуддаги ҳар қандай сиёсий ёки ҳарбий кескинлик халқаро энергетика бозори ва глобал савдо йўлларига таъсир кўрсатиши мумкин.
