Ҳафта давомида қайерларда ёмғир ёғиши маълум бўлди
Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ҳафтанинг дастлабки уч куни асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиши кутилмоқда.
Синоптиклар маълумотига кўра, 16—18 март кунлари республикада асосан қуруқ об-ҳаво кузатилади. Фақат 17—18 март кунлари Сурхондарё вилоятида, шунингдек 18 мартда Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларининг айрим ҳудудларида ёмғир ёғиши мумкин. 19 март куни эса республиканинг марказий ҳамда жануби-шарқий ҳудудларининг баъзи жойларида ёмғир кузатилиши эҳтимол қилинмоқда. 20 март куни эса мамлакат бўйлаб ёғингарчилик кутилмайди.
Ушбу давр мобайнида ҳаво ҳарорати асосан кечалари 5—10 даража илиқ, кундуз кунлари 15—20 даража илиқ бўлиши кутилмоқда. Ёмғир кузатилган пайтларда эса ҳарорат 13—15 даража илиқ атрофида бўлади. Бундай ҳарорат кўрсаткичлари март ойи ўртаси учун хос бўлган кўп йиллик ўртача қийматларга яқин ҳисобланади.
16—17 март кунлари республиканинг шимолий ҳудудларида ва чўл зоналарида шамол тезлиги 13—18 метр/секундгача кучайиши мумкин.
Пойтахт Тошкент шаҳрида 16—18 ва 20 март кунлари ёғингарчилик кутилмайди. 19 март куни эса вақти-вақти билан ёмғир ёғиши мумкин. Шамол шарқий йўналишдан эсиб, кейинчалик ғарб томонга ўзгариши ва 3—8 метр/секунд тезликда кузатилиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати асосан кечалари 5—10 даража илиқ, кундуз кунлари 17—20 даража илиқ бўлади, 19 март куни эса 14—17 даража илиқ атрофида сақланади.
