Хорижда маблағсиз қолган ўзбекистонликларга 40 доллардан бир марталик ёрдам пули берилади
Чет давлатларда мураккаб молиявий аҳволга тушган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, маблағларсиз қолган 10 мингга яқин фуқарога 446 минг сўм (тақрибан 40 АҚШ доллари) миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади ва ушбу мақсадларга 4,1 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон президенти томонидан жорий йил 14 сентябрида имзоланган “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда айтилган .
Ҳужжатда қайд этилишича, бу иш ташқи меҳнат миграцияси соҳасини янада ривожлантириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Қарор билан хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими жорий қилиниши ҳамда унинг асосий йўналишлари белгиланиши кўзда тутилган.
Президент қарорига мувофиқ:
2021 йил 1 январига қадар Ўзбекистонда Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг паспорт-виза хизмати ваколатхонаси очилади ҳамда ушбу ваколатхонада патентни тайёрлаш, расмийлаштириш ва бериш хизматлари кўрсатилади;
2021 йил 1 январига қадар Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Екатеринбург (90 мингга яқин меҳнат мигрантлари ишламоқда), Новосибирск (200 минг нафар), Самара (100 минг нафар), Уфа (70 минг нафар), Чимкент (100 минг нафар) ва Истанбул (300 минг нафар) шаҳарларидаги ваколатхоналари очилади;
Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Туркия Республикаларида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида адвокатлик фирмалари жалб қилинади, онлайн платформа яратилади ва Россия Федерацияси ҳудудини доимий хизмат билан қамраб оладиган “Call-марказ” ташкил қилинади;
хорижий мамлакатларда Ўзбекистон Республикаси фуқароларига мунтазам ёрдам кўрсатиб келаётган шахсларни “фахрий консул” ҳамда “жамоат маслаҳатчиси” этиб тайинлаш ҳамда уларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш амалиёти жорий қилинади;
дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналари ҳузурида хориждаги ватандошлар, йирик иш берувчилар ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларига мунтазам равишда ёрдам кўрсатиб келаётган бошқа шахслар иштирокидаги Маслаҳат кенгашлари ташкил этилади.