Симеоне ҳозир «Реал» ҳақида ўйламаслигини айтди
Мадриднинг «Атлетико» жамоаси бош мураббийи Диего Симеоне Ла Лигада «Реал Соседад»га қарши 1:1 ҳисобидаги дурангдан сўнг фикр билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Учрашувда «матрасниклар» 50-дақиқада Александер Сёрлотнинг голи билан олдинга чиқди, бироқ 55-дақиқадаёқ ҳисоб тенглашиб, устунликни сақлаб қола олмади. Симеоне жамоасининг навбатдаги рақиби — Мадриднинг «Реал» клуби бўлади. Испания Суперкубоги ярим финалидаги дерби 8 январ куни бўлиб ўтади.
«Ҳозир «Реал» ҳақида ўйлашни истамайман. Биз учун Ла Лигада кўпроқ очко олиш муҳим эди. Ҳозир 38 очкомиз бор — мақсадларимизга эришмоқчи бўлсак, бу етарли бўлмаслиги мумкин», — дея Симеоненинг сўзларини келтиради «Gazeta.Ru».
«Атлетико» Испания чемпионати турнир жадвалида тўртинчи ўринда бормоқда. Клуб «Вильярреал» (38 очко ва захирада икки ўйин), «Реал» (45) ҳамда «Барселона»дан (49) ортда қолмоқда.
