Жезуш Роналдуни яқин ўйинда дам олдиришга қарор қилди
«Ан-Наср» бош мураббийи Жорже Жезуш Криштиану Роналдунинг навбатдаги учрашувда майдонга тушмаслиги сабабини тушунтирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ар-Риёд клуби чоршанба куни ОФК Чемпионлар лигаси доирасида «Аркадаг»га қарши ўйнайди. Португалиялик юлдуз форварднинг тез орада майдонга қайтиши кутилганди, бироқ бу сафар ҳам у қайдномадан жой олмайди.
«Зич тақвим сабаб Роналдуни ва асосий таркибдаги айрим футболчиларни дам олдиришни маъқул кўрдик. Олдинда «Ал-Фатеҳ»га қарши жуда муҳим ўйин бор», — дея Жезушнинг сўзларини келтиради Al Nassr Zone.
Мураббий таъкидлашича, Роналдунинг сафар ўйинларини ўтказиб юбориши янгилик эмас: у Саудия Арабистонидан ташқарида бўладиган учрашувларда бир неча бор қатнашмаган.
Саудия чемпионати доирасидаги «Ал-Фатеҳ» — «Ан-Наср» баҳси шанба, 14-февраль куни бўлиб ўтади.
