Тожикистондаги воқеаларни ёритиб келган мустақил “Ахбор” сайти фаолиятини тўхтатди
“Ахбор” сайти бош муҳаррири Мирзо Салимпур мустақил интернет-нашр фаолиятини тўхтатишга қарор қилганини билдирди.
Ўз баёнотида Салимпур Тожикистон Олий суди “Ахбор”ни мамлакатдаги тақиқланган сайтлар рўйхатига киритганидан кейин “сайт фаолиятида кўплаб юридик муаммолар юзага келган”ини қайд этган.
“Афсуски, бу асосланмаган қарор туфайли журналистлар бизга ўз материалларини эркин йўллаёлмай, таҳлилчи ва амалдорлар эса биз билан долзарб мавзуларда гаплашолмай қолдилар. Уларнинг ҳаммасини тақиқланган нашр билан ҳамкорлик қилганликда айблашлари мумкин”, деган М. Салимпур.
“Ахбор” 2016 йил ноябрида Чехия Республикасида ишга туширилган бўлиб, Тожикистон ва Марказий Осиё минтақасига оид воқеаларни ёритиб келарди. Сўнгги икки йилда Тожикистонда сайт тўсиб қўйилган.
Шу йил ёзида Тожикистон Бош прокуратураси терговчилари Салимпурнинг Тожикистондаги яқинларини “Ахбор” сайти билан ҳамкорлик қилмаслик ҳақида огоҳлантириб, у томонидан йўлланган пулларни олмасликни маслаҳат берганлар.
Сайт бош муҳаррири Тожикистон президенти ижроия аппарати раҳбари Озода Раҳмон ва Тожикистон президентининг ижтимоий ривожланиш ва жамоатчилик билан алоқалар масалалари бўйича ёрдамчиси Абдужаббор Раҳмонзода номига йўллаган очиқ хатида Бош прокуратура ходимлари хатти-ҳаракатидан норозилик изҳор қилиб, Тожикистонда яшайдиган ўз яқинларига нисбатан “ғайриқонуний ҳаракатлар”ни тўхтатишни талаб қилган.
Мирзо Салимпур 2000 йилдан 2016 йилгача Озодликнинг тожик хизматида, ундан аввал эса Тожикистондаги маҳаллий нашрларда фаолият юритган.
Тожикистон расмийлари сўнгги йилларда сўз эркинлигини чеклаганлари учун турли танқидларга нишон бўлиб келмоқда. ЕХҲТ дохил халқаро ташкилотлар аввалроқ бир неча бор мамлакатда мустақил журналистларга босим тобора кучайиб бораётганидан ташвиш билдирганлар.