Грецияда поезд ҳалокатидан кейин станция бошлиғи ҳибсга олинди
Грецияда темир йўл станциясининг бошлиғи Темпида йўловчи ва юк поезди тўқнашувидан сўнг ҳибсга олинди, у сўроқ қилинмоқда, деб хабар берди Греция жамоат телевидениеси ERT.
“Hellenic Trains станцияси бошлиғи ҳибсга олинди ва Темпида иккита поезднинг фожиали тўқнашуви учун биринчи навбатда жавобгар бўлди. Йўловчи поезди билан нима содир бўлганини, нега Палеофарсалосдаги станцияда бир соатдан ортиқ вақт давомида қолиб кетгани, шунингдек, нега иккита поезд бир соат давомида бир йўл бўйлаб қарама-қарши йўналишда ҳаракатлангани ҳақида прокурорга тушунтириш бериш учун эрталаб у суд биносига чақирилди”, дейилади телевидение хабарида.
Бундан ташқари, рельсларнинг ҳолатини созлаш учун масъул бўлган темир йўл ходими Лариса транспорт бўлимида суд вакили иштирокисиз тушунтириш бериш учун чақирилди. Ушбу бўлим дастлабки терговни олиб боради ва темир йўл ҳалокати бўйича иш материалларини тўплайди.
“Hellenic Trains” компанияси вакили ва ҳайдовчилар ва диспетчерлар бўлимлари бошлиқлари ҳам гувоҳлик берди. Асосан, фожиага инсон омили сабаб бўлганми ёки бир қатор техник носозликлар ва хатолар ҳалокатли аварияга сабаб бўлганми, шунингдек, станция раҳбари нима учун йўловчи поездига маълум йўналишни берганига аниқлик киритилмоқда.
Греция Жиноят кодексида поезд ҳалокатида айбдор бўлган тақдирда умрбод қамоқ жазоси назарда тутилган, дейилади ria.ru сайтида.