Эроннинг ядро қуролига эга бўлишига йўл қўйилмайди
Қўшма Штатлар Эроннинг ядро қуролига эга бўлишига ҳеч қачон йўл қўймайди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс айтиб ўтди.
Аввалроқ, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) инспекторлари Эронинг Фордо ер ости атом заводида 83,7 фоизгача бойитилган уран зарралари топилгани ҳақида ҳисобот берган эди.
«Президент Байден Эрон ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлмаслиги ҳақида жиддий ва қатъий ваъда берди. Биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз», деди дипломат бу ҳисоботга муносабат билдириш чоғида.
Прайс Эрон ядро дастурини барқарор ҳал қилиш йўли дипломатия орқали бўлишини яна бир бор таъкидлади.
«Биз Эрон ядро дастури туфайли юзага келган муаммога барқарор ечим топишга интиламиз. Биз дипломатия бунга эришишнинг энг самарали усули эканлигига ишонишда давом этамиз. Аммо биз Эрон ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлмаслиги учун барча зарур воситаларни ишга солишимиз аниқ», деди Прайс.