5 юлдузли меҳмонхоналарда ҳам миллийлигимиз акс этган деталлар бўлиши лозим — Озодбек Назарбеков
Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков Ўзбекистон Отелерлар уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган «Меҳмонхона бизнеси форуми»да иштирок этди. Назарбеков сайёҳларга хизмат кўрсатаётган меҳмонхона, хостел ва оилавий меҳмона интерьерида миллий қадриятларга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини айтди.
«Хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатаётган меҳмонхона, хостел ва оилавий меҳмон уйлари эгалари hi-tech, миллий ва классик услубларни уйғунлаштирган ҳолда жиҳозлаш ва интерьер қилишга алоҳида эътибор қаратишлари лозим. Ҳаттоки, энг замонавий 5 юлдузли меҳмонхоналарда ҳам миллийлигимиз, ўзлигимиз акс этган деталлар бўлиши лозим.
Бу ҳар бир сайёҳнинг, энг аввало, Ўзбекистон ҳақидаги тасаввури шаклланиши, шунингдек, халқимизга хос урф-одат, анъана ва қадриятлари ҳақида тушунчага эга бўлишига хизмат қилади», — деди Озодбек Назарбеков.
Вазирнинг айтишича, мазкур форум туризм саноати вакилларини бир жойда жамлаб, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий инвестициялар жалб қилиш, IT соҳаси, экология, хизматларни рақамлаштириш, таълим ва кадрлар масалаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби масалалар юзасидан ўзаро фикр-мулоҳаза, тажриба ва таклифлар алмашиш майдони вазифасини бажарган.