Қашқадарёда фуқаро ҳокимлик биноси атрофига мол ҳайдаб боргани учун етти сутка қамалди
Жорий йилнинг 27 февраль куни фуқаро Ж.П. акасига тегишли чорва молларини Ғузор туман ҳокимлиги маъмурий биноси олдига ҳайдаб келган. Туман ҳокимлигига кўра, фуқаро акасининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан «асоссиз равишда терговга жалб этилганидан норози бўлиб ушбу ҳаракатни амалга оширган».
Фуқаронинг хатти-ҳаракати юзасидан Ғузор туман ИИБ томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилди. Ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумот берди.
Фуқаро жамоат жойида юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан қилган мазкур хатти-ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган.
Мазкур ҳуқуқбузарлик юзасидан тўпланган ҳужжатлар ЖИБ Қамаши туман судига юборилди.
Суднинг 2023 йил 3 март кунидаги қарорига кўра ҳуқуқбузар Ж.П.га етти сутка қамоқ жазоси тайинланди.