Эрон гипертовушли баллистик ракета яратганини эълон қилди
Эрон денгиз транспорт воситаларини йўқ қилиш ва товуш тезлигидан 8 баравар тез уча оладиган гипертовушли баллистик ракета яратганини эълон қилди.
Бу ҳақда Эроннинг Fars ахборот агентлиги хабарига кўра, Теҳронда бўлиб ўтган тадбирда Эрон Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи, генерал Муҳаммад Бакирий маълум қилган. Генерал ракета синовлари муваффақиятли ўтганини таъкидлади. «Эрон бу каби ракеталарга эга уч давлатдан бирига айланди», деди у.
Бакирийнинг таъкидлашича, баллистик ракетанинг тезлиги товуш тезлигидан 8 марта юқори ва учиш масоқфси 1500 километрни ташкил этади.
«Бундай ракетанинг арсеналда мавжудлиги мамлакат атрофидаги денгизларда радиуси минг километргача бўлган хавфсизлик зонасини яратиш имконини беради», деди Эрон Қуролли кучлари Бош штаби раҳбари.
Шу билан бирга, Бакирий ракетанинг синовлари қачон ва қаерда ўтказилгани ҳақида маълумот бермаган.
2022 йил 10 ноябрда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони генерал Амир Али Ҳожизода Эрон янги баллистик ракетани ишлаб чиққанини маълум қилган эди.
Гипертовушли қуроллар — атмосферада гипертовуш тезлигида (6000 км/соат ёки 1,6 км/с дан катта ёки тенг) учиш ва аэродинамик кучлар ёрдамида манёвр қилиш қобилиятига эга ракета қуролларидир. Уларни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари тутиб қола олмайди.