Сенатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар устидан назорати кучайтирилмоқда
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатининг бир қатор ваколатлари кучайтирилмоқда.
Хусусан, Конституциянинг 95-моддасида:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати мутлақ ваколатларига:
2) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Ҳисоб палатаси раиси лавозимларига номзодларни кўриб чиқиш ҳамда маъқуллаш;
3) Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидантаклиф этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимига номзод юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказиш;
11) маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўз фаолиятини амалга оширишда кўмаклашиш;
12) маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг қарорлари қонунчилик нормаларига мувофиқ бўлмаган тақдирда, ушбу органларнинг қарорларини бекор қилиш кириши белгиланмоқда.
Ҳаракатлар стратегияси доирасида 2017 йилдан Сенат фаолиятида кенг ислоҳотлар бошланган эди. Ўтган йиллар давомида Сенат халққа яқинлашди — сенаторлар фақат қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш билан чекланиб қолмасдан, жойларда аҳоли билан учрашиб, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топишга киришди.
Аввал Сенат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Ҳисоб палатаси раисини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги Президент фармонларини тасдиқлаш ваколатига эга бўлган бўлса, эндиликда мазкур лавозимларга номзодлар Президент томонидан тақдим этилади ва Сенат кўриб чиқади.
Амалдаги тартибдан асосий фарқ шундаки, Сенат номзоднинг Бош прокурор ёки Ҳисоб палатаси раиси каби муҳим лавозимга мақбуллик даражасини кўриб чиқиб, ҳал қилиш ваколатига эга бўлади. Шунингдек, махсус хизматлар фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш мақсадида Давлат хавфсизлик хизмати раҳбарлигига номзод аввал Сенатда кўриб чиқилиб, кейин Президент томонидан тайинланиши тартиби жорий этилмоқда.
Олий Мажлис Сенати маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўз фаолиятини амалга оширишда кўмаклашади.
Бутун дунёда парламентларнинг асосий вазифаси жамиятдаги турли манфаатларни мамлакат равнақи йўлида бирлаштиришдан иборатдир. Қолаверса, ривожланган мамлакатларда парламент давлат ва жамиятнинг бошқа институтлари билан турли алоқалар тизимини йўлга қўйиш бўйича муҳим коммуникация воситаси вазифасини ўтаб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Буни янада соддароқ изоҳлайдиган бўлсак, парламент давлат ҳамда халқ ўртасида ўзига хос кўприкдир.
Масалан, Германияда Бундесрат (юқори палата) федерация субъектлари ва Федерал ҳукумат ўртасидаги низоларни ҳал этиш чораларини кўради. Ҳиндистонда эса, юқори палата штатларга кўмаклашади ва уларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан режалаштиришда иштирок этади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари эса бевосита маҳаллий аҳоли иродасини ифода этувчи бирламчи бўғиндир. Ислоҳотларнинг қонуний асосини шакллантириш ва ривожлантириш мақсадида ҳудудлар манфаатларига мос қарорлар ишлаб чиқилиши ҳамда қабул қилинишига эришиш зарур. Уларнинг фаолиятига кўмаклашиш Сенатнинг ваколатига киритилиши эса маҳаллий кенгашлар фаолиятида ижобий ўзгариш бўлишига хизмат қилади.
Шу билан бирга маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг қарорлари қонунчилик нормаларига мувофиқ бўлмаган тақдирда, ушбу органларнинг қарорларини бекор қилиш Сенат ваколатлари сирасига киритилмоқда.