Ўзбекистонда «Яндекс.Такси» фаолиятининг рақобат меъёрларига мувофиқлиги текширилади
Компания вакиллари бу борада ҳамкорликка тайёр эканини билдирган.
Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси «Яндекс.Такси» хизмати агрегатори ишида бозорда устунлик белгилари мавжудлигини текширади. Бу ҳақда Interfax хабар берди.
Қайд қилинишича, 2022 йил октябр ойида қўмита такси хизматлари агрегатор бозорини тўлиқ таҳлил қилишни бошлаган. 2023 йил феврал ойида «Яндекс Go» хизмати асосчилари – Yandex N.V. (Нидерландия), Yandex Europe AG (Швейцария) ва Ridetech International B.V. (Нидерландия) компанияларига сўров юборилган.
Қўмита 2022 йил учун иловадан фойдаланувчилар (ҳайдовчилар ва мижозлар) сони, транзакцияларнинг умумий сони ва йўловчилар оқими, хизматлар айланмаси ҳамда «Яндекс Go» хизмати ва такси компаниялари томонидан олинган комиссиялар миқдори ва тақсимоти тўғрисидаги маълумотларни сўраган.
Қўмитага кўра, «Яндекс Go» хизмати таъсисчисининг хорижда рўйхатдан ўтгани унинг фаолиятини монополияга қарши тартибга солишда муайян қийинчиликлар туғдирмоқда.
«Таҳлил натижалари қўмита томонидан оммавий ахборот воситалари орқали қўшимча равишда эълон қилинади», дея маълум қилган Рақобат қўмитаси матбуот хизмати.
«Яндекс Go» компанияси вакилининг тушунтиришича, бундай сўровлар дунё амалиётида учраб турадиган анъанавий ҳолат.
«Кўриб чиқилаётган сўров Ўзбекистон монополияга қарши департаменти томонидан такси хизматлари агрегатор бозорини таҳлил қилиш доирасида юборилган. Биз қўмита билан алоқадамиз ва ҳамкорликка тайёрмиз, жавобларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда берамиз», дейилади компания матбуот хизмати хабарида.
2022 йил апрел ойида Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги «Яндекс.Такси»га Тошкентдаги IT-паркнинг резиденти бўлишни таклиф қилган эди.
«Яндекс.Такси» Ўзбекистонда 2018 йил апрел ойидан бошлаб ишламоқда. Хизмат Тошкент ва яна бешта шаҳарда мавжуд.