Тошкентда етти давлат махсус вакиллари Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилишди
Тошкент шаҳрида 7 март куни Ўзбекистон, Эрон, Хитой, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Россия вакиллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда Афғонистондаги мавжуд вазият муҳокама қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Афғонистонга қўшни давлатлар махсус вакилларининг илк учрашуви сифатида тақдим этилаётган тадбирда, ТИВ қайдича, “асосий эътибор ушбу мамлакатга инсонпарварлик ёрдамини тезкорлик билан кўрсатиш, Афғонистонни минтақавий ўзаро боғлиқлик жараёнларига фаолроқ жалб этиш, шунингдек, Кобулнинг янги ҳукумати томонидан афғон аёлларига нисбатан уларнинг ҳуқуқларини чекловчи чораларни қайта кўриб чиқиш”га қаратилган.
“Томонлар афғон аёлларининг меҳнат ва таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш Афғонистон янги жамиятининг ажралмас қисмига айланиши, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни якуний қарор топтиришга ҳисса қўшиши кераклигини таъкидладилар”, дейилган ТИВ хабарномасида.
Йиғилиш иштирокчилари Афғонистонда жойлашган барча террорчилик гуруҳлари минтақавий ва глобал хавфсизликка жиддий таҳдид солишда давом этаётганини таъкидлаб, иқтидордаги “Толибон” ҳаракати шакллантирган ҳукуматни мамлакатдаги террорчилик гуруҳларини йўқ қилиш бўйича янада самаралироқ чоралар кўришга чақиришган.
Шунингдек, томонлар “Афғонистон муваққат ҳукумати наркотик таҳдиди кучайиб кетишининг олдини олиш, гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ва ноқонуний айланишига қарши курашни фаоллаштириш бўйича самарали чоралар кўришда давом этиши” муҳимлигини таъкидлашган.
Афғонистондаги мураккаб вазият 2021 йил август ойида “Толибон” ҳаракати ҳокимиятни эгаллаб олиши ортидан янада оғирлашиб кетган. Толиблар иқтидори дунёнинг ҳеч бир мамлакати томонидан тан олинмагани Кобул билан сиёсий ва иқтисодий алоқалар деярли тўхтаб қолишига, бунинг натижасида мамлакатда гуманитар инқироз кучайишига олиб келган.
Инсонпарварлик ёрдамлари кўламининг камайгани, озиқ-овқат ва дори-дармон тақчиллиги, энергетик буҳрон ва ноқулай об-ҳаво шароити (аномал совуқ) Афғонистонда аҳоли турмушини ўта хароблаштирган. Бундан ташқари, аёлларнинг мактаб ва университетларда ўқиши ҳамда ННТларда ишлашини тақиқлашга оид чекловлар “Толибон” бошқарувига нисбатан халқаро ташкилотлар ва ривожланган мамлакатлар танқидини кучайтирган.
Бир ярим йил муқаддам ҳокимият тепасига келиши ортидан “Толибон” ҳаракати 1990-йиллардагидан кўра юмшоқроқ бошқарувни йўлга қўйишга ваъда берганига қарамай, унинг теократик диктатура тартибига қайтаётгани, қатл ва бошқа шаръий жазо турларининг тикланаётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан хавотир билан қарши олинган.