Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари сўнгги бир ой ичида қарийб 2 млрд долларга камайди
Ўзбекистоннинг ялпи халқаро захиралари жорий йилнинг февраль ойида 1,98 миллиард долларга камайган.
Марказий банк қайдича, 1 март ҳолатига захиралар 33 миллиард 966 миллион 600 минг долларни ташкил этган. 1 февралгача бу кўрсаткич 35 миллиард 941 миллион 900 долларга тенг бўлганди.
МБ захира активлар камайишига олтин нархининг арзонлагани, тижорат банкларининг Марказий банкдаги ҳисобварақларида қолдиқ миқдорининг камайиши ва регулятор томонидан амалга оширилган валюта интервенциялари билан изоҳланишини билдирган.
Марказий банк маълумотига кўра, захираларнинг 22 миллиард 839 миллион 800 минг доллари олтин шаклида, 10 миллиард 71 миллион 100 минг доллари эса хорижий валюта ва депозитлар шаклида сақланмоқда. Бу мамлакат ихтиёридаги нақд валюта миқдори ҳам охирги бир ой ичида 1 миллиард 243 миллион долларга камайганини англатади.
Олтин-валюта захираси ҳар бир мамлакатнинг “қора кун”га асралган мулки бўлиб ҳисобланади.