Жаримани ўз вақтида тўламаган ҳайдовчиларнинг автомобиллари жарима майдонига киритилмоқда
Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси ҳамда Бюронинг Андижон шаҳар бўлими томонидан вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари билан ҳамкорликда шаҳарнинг марказий кўчаларида ҳуқуқбузарлардан маъмурий жарималарни ундиришга қаратилган кенг қамровли тезкор рейдлар ўтказилди.
Амалдаги тартибга кўра, ҳуқуқбузар жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кундан кечиртирмай жаримани тўлаши белгиланган. Агар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун солинган жаримани қарор чиқарилган кундан бошлаб 60 кундан кечикмай тўлаши лозим.
Мажбурий ижро бюроси Андижон шаҳар бўлими иш юритувига ИИБ ЙҲХБнинг вилоят бошқармаси томонидан 4 558 дона жами 1 млрд. 757 млн. сўмлик ижро ҳужжатлари келиб тушган бўлиб, жорий йилнинг март ойига қадар жами 727 млн. 771 минг сўмлик ижро ҳужжатларининг ижроси таъминланишига эришилди. Бироқ, иш юритувида ҳозирда 2 612 та 1 млрд. 29 млн. сўмлик ижро ҳужжатлари мавжуд.
Шу сабабли, қоидабузарлик қайд этилган вақтдан бошлаб 60 кун ичида жарима пулларини тўламай келган ҳайдовчилар йўлда ҳаракатланиб кетаётган вақтда тўхтатилиб, ундириш чоралари ёҳуд тўланмаган тақдирда автотранспорт воситасини жарима майдонига тортиш тадбирлари кўрилмоқда.
Шундай экан, ҳайдовчиларимизга эслатиб ўтмоқчимиз. Аввало, йўлларда белгиланган йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишни унутманг. Агарда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланган жарималар бўлса, ўз вақтида тўлашни ёддан чиқарманг!
Айни кунларда Андижон шаҳрида бундай тадбирлар кенг кўламда давом этмоқда.