Йил бошидан бери 1,5 мингдан зиёд ўзбекистонлик этник қозоқ Қозоғистонда “қондош” мақомини олди
2023 йил бошидан буён 3 минг нафардан кўпроқ этник қозоқ “қондош” мақомига эга бўлган. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизмати Қозоғистон Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлигидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Вазирлик қайдича, 2023 йилнинг 1 март ҳолатига 3134 нафар этник қозоқ тарихий ватанига қайтиб, қондош мақомини олган. Маҳаллий қонунчиликка кўра, “қондош” мақоми Қозоғистон фуқаролигига эга бўлмаган ва тегишли тартибда расмий идораларга мурожаат қилган хорижлик этник қозоқларга берилади.
Ўтган икки ой ичида Қозоғистонга келган “қондош”ларнинг 50 фоиздан кўпроғини Ўзбекистондан келганлар, 16,3 фоизини Хитойдан келганлар, 15,9 фоизини Россиядан келганлар, 8,4 фоизини Туркманистондан келганлар, 4,5 фоизини Мўғулистондан келган, 4,9 фоизини эса бошқа мамлакатлардан келганлар ташкил қилган. Кўчиб келган этник қозоқлар асосан Олмаота (27 фоиз), Манғистау (16,6 фоиз), Туркистон (7,1 фоиз) ва Жамбил (3,6 фоиз) вилоятлар ҳамда Остона (10,5 фоиз), Олмаота (7,6 фоиз) ва Чимкент (6,5 фоиз) шаҳарларига ўрнашганлар.
Ўтган йилнинг декабрь ойида Қозоғистон Меҳнат вазирлиги йил давомида 18 минг чоғли этник қозоқ тарихий ватанига қайтиб, “қондош” мақомини олганини очиқлаган эди. Ноябрь ойида ҳукумат 2023 йили Қозоғистон фуқаролигини олиш учун давлат тили бўйича имтиҳон киритиш режаланаётгани ҳақида билдирган. Бу имтиҳонни биринчи навбатда ҳужжатларида миллати қайд этилмаган этник қозоқлар топшириши айтилган.
Расмий статистикага мувофиқ, Қозоғистон мустақилликка эришган 1991 йилдан буён мамлакатга 1 миллион 110 мингдан зиёд этник қозоқ қайтган.