Суд мактаб ўқитувчисини ишга тиклади
Андижон вилоятидаги умумтаълим мактабларидан бирида ўқитувчи вазифасида фаолият кўрсатиб келаётган Лобар Ариповани (исм-шарифлар ўзгартирилган) кутилмаганда ишдан бўшатишди. Муассаса раҳбарияти бу қарорини муаллиманинг мактаб ички тартиб-қоидаларини бузганлиги билан изоҳлаб, ходимнинг уч кун ишга чиқмаганлигини асос қилиб келтиради.
Ўқитувчи директорнинг тутган йўриғидан норози бўлиб судга мурожаат этди. Фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро судида унинг “Буйруқни бекор қилиш, ишга тиклаш ва мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ундириш ҳақида”ги даъво аризаси бўйича юритилган фуқаролик ишини кўриб чиқиш жараёнида низо бўйича юзага келган масалаларга атрофлича ечим изланди.
Судда вилоят бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси вакили даъвони қувватлади. Яъни Л.Арипова билан тузилган меҳнат шартномаси юқорида келтирилган сабабни баҳона қилиб, Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 4-бандига асосан бекор қилинганлигини таъкидлаб, аслида эса даъвогарга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланиши керак эди, деган фикрни илгари сурди. Қолаверса, меҳнат шартномасини бекор қилишда касаба уюшмасининг розилиги ҳам олинмаганлигини, бу билан меҳнат қонунчилиги бузилганлигини қайд этди.
Аниқланишича, меҳнат инспекциясининг даъвогарни ишга тиклаш масаласидаги кўрсатма хатига мактаб директори рад жавобини берган. Қолаверса, суд мажлисида ҳам жавобгар даъвони тан олмади.
Бироқ суд далилларни ўрганиб чиқиб, даъвогарнинг аризасини қаноатлантиришни лозим топди.
Чунки низони тўғри ҳал этиш учун суд жамоа келишуви ёки жамоа шартномаси тузилган ёки тузилмаганлигини ва шартномада ходимни ишдан бўшатиш учун касаба уюшма қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган ёки тутилмаганлигини аниқлаши лозим. Бу ўринда жамоа шартномасида жамоа келишувига нисбатан ходимнинг аҳволи ёмонлашиши мумкин эмаслигини назарда тутиш керак. Агар тармоқ ёки ҳудудий жамоа келишувларида иш берувчи ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун касаба уюшмалари қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, бундай розилик жамоа шартномасида кўрсатилган ёки кўрсатилмаганлигидан қатъи назар олиниши шартдир.
Ходим билан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига кўра касаба уюшмаси ёки бошқа вакиллик органининг розилигисиз бекор қилингани аниқланса, суд меҳнат шартномаси бекор қилинганлигини ноқонуний деб топади ва ходимнинг ишга тиклаш ҳақидаги талабини қаноатлантиради.
Сўз бораётган ҳолатда мактаб ва бошланғич касаба уюшма кўмитаси ўртасида тасдиқланган ички меҳнат тартиб-қоидаларида ҳам прогул (узрли сабабларсиз сурункасига ёки кун давомида жами уч соатдан ортиқ ишга келмаслик) меҳнат вазифасини бир марта қўпол равишда бузишга кириши қайд этилган. Яъни айни жиҳатнинг ўзи ҳам таълим муассасаси раҳбариятининг буйруғи ғайриқонуний эканлигини кўрсатиб турибди.
Рустамжон СУЛТОНОВ,
фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро суди раиси