Тадбиркорларга солиқ мажбуриятида енгиллик берилиши кутилмоқда
Яқин кунларда тадбиркорлик субъектларига солиқ мажбуриятларини бажаришда қўшимча қулайлик ва енгилликлар беришга қаратилган норматив ҳужжат қабул қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда Cолиқ қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, тадбиркорлик субъектларидан «Э-актив» ахборот тизимида ишлаш юзасидан мурожаатлар келиб тушмоқда.
Солиқ қўмитаси ва қўмита ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашида ўтказилган муҳокамада берилган таклиф ва ечимларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси ҳукуматига «Э-актив» ахборот тизимида солиқ ҳисоби билан богълиқ операцияларни ихтиёрий акс эттириш тартибининг амал қилиш муддатини 2024 йил 1 январгача узайтириш тўғрисида таклиф киритилган.