Яна бир кўкрак нишони таъсис этилди
Шавкат Мирзиёев “Эл-юрт фидойиси” кўкрак нишони таъсис этиш таклифини билдирди. Давлат раҳбари Термиз шаҳридаги “Ёш чегарачилар” ҳарбий-академик лицейини бориб кўрди.
Ўтган йили лицей учун янги бино барпо этилган. Бу ерда ижтимоий ва аниқ фанлар йўналишларида 200 дан ортиқ ўқувчи таълим-тарбия олмоқда.
Давлат раҳбари шу ерда Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг оила аъзолари билан учрашди. Видеоалоқа орқали тадбирга Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар вакиллари ҳам боғланди.
Маълумки, мустақилликка эришиш, тинчликни сақлаш ўз-ўзидан бўлмайди. Халқимиз ҳам кўп синовли кунларни бошидан кечирди. Осойишта ҳаётимизни издан чиқаришга уринишлар, террорчилик хуружлари бўлди. Ботир ҳарбийларимиз жасорат кўрсатиб, ғаразли кучларга қақшатқич зарба берган. Минг афсуски, бу курашда юзлаб мард ҳарбийларимиз, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳалок бўлган.
Учрашувда давлатимиз раҳбари уларни номма-ном ёдга олди. Бундай довюрак фарзандларни дунёга келтириб, ҳақиқий ватанпарвар қилиб тарбиялаган ота-оналарга, уларнинг умр йўлдошлари ва фарзандларига халқимиз номидан чуқур миннатдорчилик билдирди.
Давлат раҳбари бундай мард инсонларни вояга етказган ота-оналари, фарзандлари доимо юртимиз ардоғида бўлиши зарурлигини таъкидлаб, “Эл-юрт фидойиси” кўкрак нишони таъсис этиш таклифини билдирди. Бу нишон гувоҳномаси Олий Бош қўмондон томонидан имзоланади. Ушбу эътироф эгалари барча имтиёзларга эга бўлади.
Бугун дунёнинг турли нуқталарида янги таҳдид ва қуролли тўқнашувлар юз бермоқда. Бундай таҳликали вазият халқимизни ҳам безовта қилиши табиийдир. Шу боис давлатимиз мустақиллигини, халқимиз тинчлигини ҳимоялашга катта аҳамият қаратилмоқда.