Ичкилик ортидан бошланган жанжал фожиали якун топди
Ичкилик нафақат соғлиққа зиён, балки шахснинг маънавий қиёфасига, моддий турмуш тарзига ҳам путур етказади, десак муболаға эмас. Сирасини айтганда, қайд этилаётган фожиали воқеликлар таҳлил қилинса, кўп ҳолларда жиноятнинг сабабчиси унга ичкилик таъсирида қўл урганлиги аён бўлмоқда. Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида содир этилган қилмиш ҳам фикримизни тасдиқлайди.
Илгари Жиноят кодексининг турли моддалари билан уч маротаба судланган Шаҳриёр Қурбонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ёши қирқдан ўтиб қолган бўлса-да, хатоларидан хулоса чиқариш, бундан буён тўғри йўлдан юриб ҳаётда ўрнини топиш ҳақида сира ўйламади. Турли мавсумий ишлар билан шуғулланиб туришини ҳисобга олмаса, тайинли бир ҳунарнинг этагидан тутмади ҳам.
…Ўша куни тонгда “бирор юмуш топилиб қолар”, деган ўй билан кўчага чиққан Шаҳриёр туман марказидаги истироҳат боғи олдида шеригини кутиб турганди, таниши А.Ёрбобоевни учратиб қолди. Иккисининг истаклари бир-бирига мос тушиб, бозор ёнидаги спиртли ичимликлар сотиладиган дўкон томон йўл олишди. Дўкон ёнидаги зинада нотаниш икки одам пиво ичиб ўтиришган экан, уларга қўшилиб булар ҳам бирга 1,5 литр пивони сипқоришди. Камига ярим литр ароқ олиб чиқиб, тўртовлон уни ҳам истеъмол қилишди. Кейин ҳаммалари ўз йўлига равона бўлди, Шаҳриёр тағин истироҳат боғи олдидаги фаввора ёнига келди.
Нарироқда яна уч-тўрт киши ўзаро суҳбатлашиб турганди. Улардан бири П.Тожиев Шаҳриёрга кўзи тушиб, унинг олдига келди. Унинг ҳам спиртли ичимлик ичиб олгани яққол сезилиб турарди. Иккисининг ўзаро мулоқоти ҳеч бир жиддий сабабсиз аввалига даҳанаки жангга, сўнгра муштлашувга айланди. П.Тожиев анчайин бақувват экан, уни уриб қўйишга Шаҳриёрнинг кўзи етмади. Югурганча йўлнинг нариги бетидаги дўкондан пичоқ сотиб олди ҳамда ортига қайтиб, П.Тожиевнинг танобини тортиб қўйиш мақсадида унинг дуч келган ерига пичоқ билан ура бошлади. Шифохонага етказилган П.Тожиев олиб борилган муолажаларга қарамай вафот этди.
Мазкур иш материаллари судда ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилди ва Шаҳриёр Қурбонов Жиноят кодекси 97-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга тайинланган жазога илгариги суд ҳукм билан белгиланган жазонинг ўталмай қолган қисми ҳам қўшилди. Энди у умрининг яна 12 йилини панжара ортида ўтказишга мажбур.
Шоҳруҳ Ваҳобов,
жиноят ишлари бўйича Булоқбоши тумани суди раиси