Россия ИИВ рус тилини билмаган мигрантларни жаримага тортишни таклиф қилмоқда
Россия Ички ишлар вазирлиги рус тилини яхши билмаган мигрантларни жаримага тортиш, тилни яхши билганларга эса солиқ имтиёзи бериш ташаббуси билан чиқмоқда.
Москвада нашр этиладиган “Коммерсантъ” газетасининг ёзишича, бу ҳақда 22 март куни Давлат думасида ўтказилган йиғилишда ИИВнинг Миграция масалалари бўйича бош бошқармаси бошлиғи Валентина Казакова маълум қилган.
Унга кўра, мамлакатга келган мигрант “мослашув давридан ўтгач, яъни тахминан идентификация карточкасини олганидан сўнг бир ёки уч ой ўтгач тилни билиш рейтингидан” ўтиши керак.
Тил билиш рейтинги паст бўлган мигрантларга ҳар ойда “мослашув тўлови” тариқасида жарима солинади. Бундай тўлов мигрант рус тилини ўзлаштириб олмагунича давом этади. Муайян муддатдан сўнг ҳами рус тилини ўргана олмаганларга “мослашув тўлови” миқдори кўпайтирилади.
Ички ишлар вазирлиги расмийсининг айтишича, бундай тўлов мигрантга рус тилини ўрганиш учун туртки беради. Козакова буни “мигрантларни рубль воситасида тарбиялаш” деб атади.
Казаковага кўра, унинг идораси “тил билиш рейтинги”ни балли асосда шакллантиришни таклиф қилмоқда. Мигрантлар рус тилини билиш рейтингига қараб, тоифаларга бўлинади.
Казакова “рейтинг”да юқори ўринларни олганларга солиқнинг бир туридан 50 фоизгача имтиёз берилиши кераклигини айтди. Унга кўра, рус тилини базавий даражада билганларга 10 фоиз, ўртача билганларга 15 фоиз, яхши билганларга 20 фоиз, асосий тили рус тили бўлган мигрантларга эса 50 фоиз солиқ имтиёзлари берилишини таклифини киритди.