Зилзила вақтини башорат қилиш учун технология йўқ – ФВВ
Вазирлик Ўзбекистон сейсмик фаол минтақада жойлашганини эслатди. Шунинг учун мамлакатда вақти-вақти билан силкинишлар содир бўлади – бу нормал ҳодиса.
“Эсингизда бўлса, аввалги йилларда ҳам тахминан шундай кучдаги зилзилалар содир бўлган. Албатта, Туркияда содир бўлган воқеалар фонида аҳоли зилзилаларни янада эмоционал қабул қилмоқда. Аммо шунга қарамай, биз одамларни қўрқувга ва ваҳима берилмасликка чақирамиз. Ҳозирча дунёнинг ҳеч бир давлатида зилзила санасини олдиндан башорат қилиш технологияси мавжуд эмас”, дея маълум қилди вазирлик матбуот хизмати Sputnik’га.
Шу муносабат билан ФВВ ўзбекистонликларни зилзила бўлиши мумкинлиги ҳақидаги сохта хабарларга ишонмасликка чақирди.
Кеча Ўзбекистонда бир неча бор зилзила содир бўлди. Энг кучли силкиниш 21 март куни кечқурун сезилди.