Ноқонуний ер ажратганликда гумонланган собиқ туман ҳокимининг озодлиги 3 йилга чекланди
Ер муносабатларини тартибга солишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этмагани, фаолиятида йўл қўйган бошқа жиддий қонунбузилиш ҳолатлари учун Асака тумани ҳокими лавозимидан ўтган йилнинг сентябрида ишдан олинган Мансурбек Алихоновга нисбатан 3 йилу 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов ўз телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.
Олий суд вакили қайдича, Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” банди ва 229-4-моддаси (ер бериш тартибини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган Мансурбек Алихонов иши бўйича суд ҳукми 2023 йилнинг 27 январида чиқарилган.
Озодликни чеклаш жазосидан ташқари суд қарори билан 39 ёшли собиқ ҳокимга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш тақиқлаб қўйилган. Олий суд М. Алихонов иши бўйича апелляция суди 30 март куни Андижон вилоят судида бўлиб ўтишини қўшимча қилган.
Мансурбек Алихонов Асака тумани ҳокими лавозимида 2020 йил сентябридан 2022 йил сентябригача фаолият олиб борган. Ҳокимликка тайинлангунича эса у Андижон вилояти Жалақудуқ тумани ички ишлар бўлимининг бошлиғи бўлиб ишлаган.