Уч йиллик аразлашишдан сўнг Хитой ва Япония расмийлари илк бор музокара ўтказди
Кеча, 2 апрель куни Япония ва Хитой ташқи ишлар вазирлари икки давлат ўртасидаги кескинлик фонида уч йилдан ортиқ вақтдан бери илк бор музокара ўтказди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар бермоқда.
Япония ташқи ишлар вазири Ёшимаса Хаяши ҳамкасби Цин Ганг билан учрашувда бир неча кун аввал япон фуқаросининг Пекинда ҳибсга олинишига норозилик билдирган. Шунингдек, Токио Тайван яқинида ва Япония атрофида Хитой ҳарбий фаоллиги кучайиб бораётганидан хавотирда эканини айтиб ўтган.
Қайд этиш мумкин, Япония фармацевтика компанияси “Astellas Pharma” ходими бир ҳафта аввал Пекинда жосусликда айбланиб ҳибсга олинган эди. Ҳеч бир томон унга қўйилган айбловлар ҳақида батафсил маълумот бермаган. Япония ТИВ маълумотларига кўра, ҳозирда Хитойда беш нафар япон фуқароси ҳибсга олинган, улардан икки нафари аллақачон судланган ва айбдор деб топилган. Цин Ганг бунга жавобан Хитойда барча ишлар қонунга мувофиқ олиб борилишини маълум қилган.
Томонлар келишмовчиликларга қарамай, икки давлат Жанубий Корея билан уч томонлама музокараларни давом эттиришга келишиб, буни “муҳим ютуқ” сифатида баҳолади.