Сенатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар устидан назорат ваколатлари кучайтирилмоқда
Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 95-моддасида, Олий Мажлис Сенатининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар устидан назорат ваколатлари аниқ қилиб белгилаб қўйилмоқда. Алоҳида таъкидлаш лозимки, Олий Мажлис Сенатининг мутлақ ваколатлари амалдаги 14 тадан 18 тагакўпаймоқда. Янги таҳрирдаги Конституция халқпарвар давлат қуриш мақсадида кучли парламент, ихчам ва масъулиятли ҳукумат, мустақил ва адолатли суд тизимини барпо этишгабевосита қаратилган.
Олий Мажлиснинг қонунийликни, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, шунингдек коррупцияга қарши курашиш ва монополияга қарши қонунчиликка риоя этиш соҳасидаги назоратни амалга ошириш борасидаги тутган ўрнини кучайтириш мақсадида, Сенатга Судьялар олий кенгашининг таркибини, коррупцияга қарши курашиш ҳамда монополияга қарши органлар раҳбарларини сайлаш ваколатлари берилмоқда.
Янги тартибга мувофиқ, Судьялар олий кенгаши таркиби, коррупцияга қарши курашиш ҳамда монополияга қарши органлар раҳбарларининг номзодлари Президент тақдимига биноан, Олий Мажлис Сенати томонидан сайланиш тартиби белгиланмоқда. Бу орқали эса биринчидан, Ўзбекистон Республкикаси Президентининг баъзи ваколатлари Сенатга ўтказилмоқда, иккинчидан, мазкур лавозимдаги шахсларни шакллантириш демократиянинг муҳим кўриниши, яъни сайлаш йўли билан амалга оширилмоқда: учинчидан, мазкур лавозимдаги шахсларнинг Сенат олдидаги масъулияти ва жавобгарлиги кучайтирилмоқда.
Амалдаги Конституциянинг 80- моддасига кўра, Олий Мажлис Сенати Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Судьялар олий кенгашининг раисини тайинлаш тартиби белгилаб қўйилган. Аммо, коррупцияга қарши курашиш ҳамда монополияга қарши органлар раҳбарларини тайинлаш ёки сайлаш тартиби конституцияда белгиланмаган.
Эътибор қаратадиган бўлсак, амалдаги Конституцияда Олий Мажлис Сенати Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Ҳисоб палатаси раисини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги Президент фармонларини тасдиқлаш ваколатига эга бўлган бўлса, эндиликда мазкур лавозимларга номзодлар Президент томонидан тақдим этилади, Сенат эса кўриб чиқади ва маъқуллайди.
Бу янги тартибга кўра, биринчидан,Ўзбекистон Республкикаси Президентининг баъзи ваколатлари Сенатга ўтказилмоқда; иккинчидан,Бош прокурор ва Ҳисоб палатаси раисини тайинлашда Сенатнинг иштироки таъминламоқда;учинчидан, Бош прокурор ва Ҳисоб палатаси раисинининг Сенат олдидаги масъулияти кучайтирилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан таклиф этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисилавозимига номзод юзасидан Сенат билан маслаҳатлашувлар ўтказиш тартиби белгиланмоқда. Бу орқали, Сенатнинг мазкур лавозимга тайинланадиган номзод бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириш имконияти пайдо бўлмоқда. Амалдаги Конституцияда эса Сенат томонидан Президентининг Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисини тайинлаш ва уни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонлари расмий нуқтаи назардан тасдиқланар эди. Бу албатта, Давлат хавфсизлик хизмати раисининг Сенат олдидаги масъулиятини оширади.
Парламент ёки унинг қуйи палатаси у ёки бу шаклдаги давлат бошқаруви органларини шакллантиришда иштирок этадиган мамлакатлар каторига Бразилия, Исроил, АҚШ, Япония каби давлатларни мисол тариқасида кўрсатиб ўтиш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган маъмурий ислоҳотларнинг мақсади ва вазифаларидан келиб чиқиб, парламентнинг юқори палатаси – Сенат модернизация қилинмоқда, Сенатнинг ваколатлари, шу жумладан унга Президентнинг бир қатор ваколатларини ўтказиш орқали кенгайтирилмоқда.
Шерзод Зулфиқоров, Жамоат хавфсизлиги университети профессори