ChatGPT бухгалтерия имтиҳонидан ўта олмади
200 га яқин таълим муассасаси вакиллари бухгалтерия ҳисоби имтиҳонларида OpenAI технологиясини синаб кўрди. Тажрибада асл ChatGPT модели ишлатилган.
Ишлаб чиқувчиларнинг фикрига кўра, бот турли имтиҳонларда жуда яхши натижа кўрсатди. Ушбу даъвони текшириш учун Brigham Young университети профессори Девид Вуд кенг кўламли тадқиқот ўтказди. У 14 мамлакатдаги 186 та ўқув муассасасидан 327 ҳаммуаллифни жалб этишга муваффақ бўлди. Улар ChatGPT учун 25181 та бухгалтерия имтиҳонига саволлар тайёрладилар. Бундан ташқари, Brigham Young университетининг бакалавриат талабалари ChatGPT’га дарслик тест банкидан яна 2268 та савол беришди.
Натижалар шуни кўрсатдики, ChatGPT яхши ишлашга қарамай, ҳақиқий талабалардан ўта олмаган. У ўртача 47,4 фоиз балл тўплаган бўлса, талабалар 76,7 фоиз балл тўплади. Тадқиқотчилар чатбот учун юқори даражадаги саволларга жавоб бериш қийинлигини таъкидладилар.