Бишкекдаги туман суди “Азаттиқ Медиа”нинг ОАВ ўлароқ фаолиятини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилди
Бишкекдаги Ленин тумани суди Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги томонидан Озодликнинг қирғиз хизмати фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги даъво аризасини қаноатлантирди. Суд ҳукми 27 апрель куни эълон қилинди.
“Азаттиқ Медиа” вакиллари мазкур суд ҳукми юзасидан юқори инстанция судига шикоят билан мурожаат қилмоқчи. Маҳаллий қонунчиликка кўра, бу ишни амалга ошириш учун уларда 30 кун бор.
“Азаттиқ Медиа” адвокати Тимур Султановга кўра, суд қарори Қирғизистон расмийлари томонидан оғизда айтилаётган сўз эркинлигига амалда риоя этилмаётганини кўрсатган.
“Мунозара чоғида биз қонунчилик ва Конституцияда кўзда тутилган важларни келтирдик. Афсуски, суд бизнинг важларимизни эътиборга олмади. Музокара чоғида айтганимдек, суд қарори “фуқароларда ишончли маълумотларни олиш ва тарқатиш ҳуқуқи борми ёки бу ҳуқуқ Конституцияда номигагина ёзиб қўйилганми?” эканини кўрсатиши керак эди. Бугунги қарор бу саволларга жавоб бўлди”, деган адвокат Султанов.
Жорий йилнинг январь ойи охирида Маданият вазирлиги “Азаттиқ Медиа”нинг (Озодликнинг қирғиз хизмати) оммавий ахборот воситаси сифатида фаолиятини тўхтатиш тўғрисида ариза билан судга мурожаат қилган эди.
Бунга “Настояшчее Время. Азия” дастурида 2022 йилнинг сентябрь ойи ўртасида “Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги оғир жанглар” деб номланган ёйин сабаб бўлган эди.
“Озод Европа/Озодлик радиоси” президенти Жейми Флай аввалроқ мазкур даъво аризаси юзасидан изоҳ бера туриб, корпорация Қирғизистонда “Азаттиқ” фаолиятини сақлаб қолиш учун мавжуд барча ҳуқуқий воситалардан фойдаланишини билдирган эди.