Қирғизистонда президент “Хонсаройи” қурилишида ишлаётган ўзбекистонлик баландликдан қулаб тушди
Қирғизистонда халқ орасида «Хонсарой» деб аталаётган президент маъмуриятининг янги биноси қурилишида меҳнат қилаётган ўзбекистонлик мигрант иш жойида баландликдан қулаб тушди. Бишкекдаги Kaktus.media нашрининг ёзишича, бу маълумотни Тез тиббий ёрдам кўрсатиш маркази директори ўринбосари Егор Борисов тасдиқлади.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон фуқароси Бишкек шаҳрининг 4-сонли касалхонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Унга бош мия чаноғи травмаси ташхиси қўйилган. Мигрантнинг умумий аҳволи тўғрисида маълумот берилмади.
Бишкек шаҳар Ленин туман ички ишлар бошқармасининг маълум қилишича, ўзбекистонлик ишчи 7 август куни тахминан соат 15:00 да қурилишда баландликдан қулаб тушган. У тезкор равишда касалхонага олиб кетилган.
Ички ишлар бошқармаси ҳалокатга учраган ишчининг исми А.А., эканини ва у 1993 йилда туғилганини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан терговдан олдин суриштирув ишлари олиб борилмоқда.