Қирғизистон Иссиқкўлдаги тўрт пансионатни Ўзбекистонга беради
Қирғизистон Иссиқкўл бўйида жойлашган тўрт пансионатни 49 йилга Ўзбекистон бошқарувига беради. Бу ҳақда Озодликка Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш агентлиги директори Қанатбек Турғунбеков маълум қилди.
Гап “Дилором”, “Олтин қумлар”, “Роҳат” ва “Бўстон” пансионатлари ҳақида бормоқда.
Турғунбековга кўра, Ўзбекистон ҳар бир пансионатга 15-20 млн доллардан инвестиция киритмоқчи.
2016 йилда Темир Сариев бошлиқ қирғиз ҳукумати Иссиқкўл бўйидаги Ўзбекистонга тегишли тўрт пансионатни национализация қилишга қарор қилган, улар: “Роҳат-НБУ” (кейинроқ номи “Олтинжой” деб ўзгартирилган), “Олтин қумлар” (кейинроқ “Бостери”), “Дилором” (кейинроқ “Энасой”) ва “Бўстон” (номи сақланган).
Бу иш ортидан Ўзбекистон Қирғизистонни собиқ СССР тарқалганидан сўнг бошқа республикалар ҳудудида қолган объектлардан фойдаланиш тўғрисидаги шартномани (1992 йилда тузилган) бузганликда айблаб, халқаро арбитраж судига берган. 2022 йилда Қирғизистон адлия вазири Аёз Баётов тўрт пансионат масаласи арбитражда ҳануз кўрилаётганини, унга параллел равишда музокаралар ҳам бўлаётганини айтган эди.