Олмазор туманидаги 234- мактаб ҳовлисида дарахтлар қуриб қолдими?
Куни кеча ижтимоий тармоқ саҳифаларида Олмазор туманидаги 234-сонли умумтаълим мактаби ҳовлисида дарахтлар қуриганлиги ва бунга мактаб маъмурияти эътибор қилмаётганлиги ҳақида хабар тарқалганди.
Юқоридаги ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси қуйидагиларни маълум қилади. Унга кўра, ҳақиқатан 234-мактаб ҳовлисида 23 туп арча дарахти касалланган ва қуриб қолган. Аммо уларни шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси рухсатномасисиз кесиш мумкин эмаслиги туфайли бу ишларни амалга ошириш бироз чўзилган.
Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасидан берилган 109434-сонли “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесиш учун рухсатнома”си асосида барча қуриган дарахтлар кесиб олиб ташланган. Мактаб маъмурияти томонидан бўшаган бу дарахтлар ўрнига кеч куз ва баҳорда янги манзарали ҳамда мевали дарахт ниҳоллари ўтқазиш режалаштирилганлиги айтилди.