Таълим бошқармаси Google Maps’да Тошкентдаги айрим мактаблар номи ўзгариб қолганига муносабат билдирди
Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати пойтахтнинг Яшнобод туманидаги 61-сонли умумтаълим мактабига киноактёр Райан Гослинг номи берилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни рад этиб чиқди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги бир неча мактабнинг номи “алмашган”и, улар хорижлик киноактёр, ёзувчи, рэпер, онлайн ўйин қаҳрамонлари (Райан Гослинг, Брэд Питт, Жейсон Стейтем, Патрик Бэйтмен, Скотт Коутон, Кендрик Ламар, Жозеф Жостар), ҳатто россиялик мухолифатчи Алексей Навальний номи билан аталаётгани ҳақида ҳазил аралаш постлар пайдо бўлган эди.
Бундан ташқари, Газета.uz нашри Google Maps’да Ўзбекистон пойтахтидаги бир қанча мактаб номи “улугбекзавр”, “бабулинг”, “хомячок” (оғмахон), “шиншилла”, “морская свинка” (Гвинея чўчқаси) ва “тушканчик” (қўшоёқ) шаклида кўрсатилганига эътибор қаратган.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, Google-харитадаги муайян манзилга хизматнинг исталган фойдаланувчиси томонидан ном қўйилиши мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда, таълим масканларига мазкур ажабтовур номлар уларга алоқаси бўлган ёшлар томонидан берилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилиш қийин эмас.
Тошкент шаҳар ММТБ ўз хабарномасида бугунги кунда пойтахтнинг ўн икки туманида 323 та умумтаълим мактаби фаолият кўрсатаётгани, уларнинг бирортасига алоҳида ном берилмаганини урғулаган.