Тошкент, Остона ва Бишкек вакиллари ўзаро электр етказиб бериш бўйича келишиб олишди
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон вакиллари 25-26 август кунлари Остона шаҳрида келаётган куз-қиш мавсумида электр энергиясини етказиб бериш бўйича келишувга эришишган. Бу ҳақда Қозоғистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Учрашув доирасида қўшни давлатлар билан трансчегаравий гидроэнергетика лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан, “Қамбарота-1” ГЭС лойиҳаси ҳамда сув-энергетика соҳасида алоқаларни мустаҳкамлаш масаласи ҳам муҳокама қилинган.
Томонлар электр энергиясини соатлик ҳисобини олиб бориш механизмини жорий этиш имконияти устида ишлаш, хўжалик субъектлари ўртасидаги режадан ташқари оқимларни тартибга солиш бўйича шартномалар тузиш ҳамда режадан ташқари оқимларни тартибга солиш бўйича шартномаларнинг амалдаги шартларини қайта кўриб чиқиш юзасидан келишиб олишган.
Учрашув иштирокчилари аввал зиммаларига олган мажбуриятларни бажаришга содиқ эканларини тасдиқлашган.
Уч мамлакатнинг сув хўжалиги ва энергетика муассасалари вакилларининг кейинги учрашуви 2023 йилнинг ноябрь ойида Бишкекда бўлиб ўтиши белгиланган.
Аввалроқ Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Туркманистон билан йилига 2 миллиард куб метргача газ етказиб бериш бўйича қисқа муддатли шартнома имзолангани ҳақида билдирган эди.