Кремль матбуот котиби: Путин Пригожиннинг дафн маросимида иштирок этмайди
Россия президенти Владимир Путин “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати асосчиси Евгений Пригожиннинг дафн маросимида иштирок этмайди. Бу ҳақда Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков билдирган. У Кремль Пригожин дафни ҳақида “аниқ маълумот”га эга эмаслигини маълум қилган.
Россиядаги айрим нашрлар дафн маросими бугуннинг ўзида Пригожиннинг туғилган шаҳри бўлмиш Санкт-Петербургда бўлиб ўтиши мумкинлигини ёзишган. Маҳаллий ОАВ “Вагнер” ХҲШ асосчиси Серафимов қабристонида кўмилиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда. Мазкур қабристонда Россия президентининг отаси ва онаси ҳам дафн этилган.
“Фонтанка” сайти хабарига кўра, 29 август куни эрталабдан қабристон ёнида полиция автомобиллари пайдо бўлган. Тушдан кейин полициячилар қабристонга кириш йўлини ёпиб қўйишган. Қабристон ҳудудига яқин кўчалар ҳам полиция томонидан ўраб олинган.
Сешанба куни қабристонга ташрифчилар кириши тақиқланган, қабрлар олдидаги асфальт ювилмоқда. Бир кун олдин Серафимов қабристони дарвозаси олдида металл қидирувчи ускуналар ўрнатилган. “Бумага” телеграм-канали қабристонга келиш йўлларида турли куч ишлатар тузилмаларнинг машиналари навбатчилик қилаётгани, кириш эшиги олдида полициячилар юргани ҳақида ёзган.
Санкт-Петербург маъмурияти Пригожиннинг айнан қаерда дафн этилишини очиқламаяпти. Мэриядаги манба “Фонтанка”га дафн маросимини уюштираётганлардан маълумотни ошкор қилмаслик ҳақида тилхат олинганини билдирган.
“Ҳаммаси махфийлаштирилган. Бизга маълумот берилмаяпти”, деган у.
Жорий йилнинг 23 августида Тверь вилоятида “Вагнер” ХҲШ асосчиси Евгений Пригожин томонидан фойдаланиб келинган хусусий учоқ қулаган. Расмий баёнотларга кўра, учоқ ичидаги Пригожин ва вагнерчиларнинг бир неча командири дохил ўн кишининг ҳаммаси ҳалок бўлган. Учоқ қулашига нима сабаб бўлгани ҳалигача расман очиқланган эмас.