Расман гўёки "57 миллиард сўм ўғирланган" киберҳужум рад этилди. ОАВ давлат сайтлари ташқи трафикдан ёпилганини айтмоқда
Kun.uz нашрининг 14 ноябрда ёзишича, қатор давлат органлари сайтларига 11-13 ноябрь оралиғида бир неча маротаба киберҳужум бўлган. Бу сайтларга қайта ҳужумларнинг олдини олиш мақсадида ташқи трафик ёпиб қўйилган.
Нашрнинг билдиришича, Олий Мажлис Сенати, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Киберхавфсизлик маркази, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати расмий сайтларига киберҳужумлар қилинган.
“Киберҳужумлар қанчалик муваффақиятли ёки нима мақсадда амалга оширилаётгани номаълум. Ҳужумдан бир қанча вақт ўтгач, сайтлар фаолияти қайта тикланган. Лекин бу киберҳужумлардан сўнг юқорида саналган сайтларга Ўзбекистондан ташқаридан туриб кириш имкони ёпиб қўйилган”, дейилади Kun.uz хабарида.
Шу билан бир қаторда Kun.uz мухбири билан гаплашган Киберхавфсизлик маркази матбуот хизмати вакили расмий сайтларга ҳужумлар бўлганини рад этган.
“VPN, анонимайзерлар ва шунга ўхшаш шубҳали прокси серверларга қарши ҳимоя филтрлари ўрнатилган бўлиши мумкин. Шунинг учун баъзи IP манзил учун веб-ресурс очилмаслиги киберхавфсизлик ҳодисасига кирмайди”, деб айтган расмий.
Айни пайтда 14 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда хакерлар Ўзбекистондаги банкларга ҳужум қилгани ва Humо банк карталаридан 57 миллиард сўм ўғирлагани ҳақида хабар тарқалди.
Ижтимоий тармоқдаги маълумотларда иддао қилинишича, ўғирланган пуллар “криптовалютага алмаштирилиб, мамлакатдан олиб чиқиб кетилган”.
Аммо компания матбуот хизмати Humо карталардан йирик миқдорда пул ўғирлагани тўғрисидаги хабарларни рад қилган.
“Миллий банклараро процессинг маркази шуни маълум қиладики, ушбу маълумотлар ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайди. Humо тўлов тизими барча хавфсизлик талабларига жавоб беради ва тизимга бевосита ҳеч қандай киберҳужум содир бўлмаган”, дейилади расмий билдирувда.
“Газета.uz” эса бу маълумотни инкор қилувчи хабарни тарқатди. Нашрнинг ёзишича, 11 ноябрда киберҳужумдан ҳимоя воситаларига қарамай, “айрим ўзбекистонликлар банк карталаридан бир неча миллион сўмгача пул ечиб олингани” тўғрисида хабар топганлар.
Нашр хакерлардан жабр тортган бир неча кишининг ҳикоясини келтирган. Масалан, “Газета.uz” қаҳрамонларидан бири дерли 43 миллион сўм пули ноқонуний ечиб олингани ҳақида маълумот берган.
Яна бир манба эса 11 ноябрь куни кечқурун унинг Humo картасидан 19,7 миллион сўм ечиб олинганини айтган
Учинчи манба 11 ноябрга ўтар кечаси Humo картасидан 74 миллион сўми йўқолиб қолгани ҳақида хабар берган. Бу манбаларнинг барчаси бир биридан мустақил уч-тўрт банкнинг мижозлари бўлган.
Нашр бундан бошқа яна қатор банк мижозларининг Humo картасидан пул ноқонуний ечиб олингани ҳақидаги ҳикояларини келтирган.
“Газета.uz” камида 16 киши ҳакерлардан жабрлангани тўғрисда маълумотларга эга эканини билдирган. Уларга келтирилган зарар эса камида 1 миллиард сўмдан иборат. Аммо бу маълумот ҳозирча расмий органлар томонидан тасдиқланмаган.