ЕИ Москва ва Вашингтонни ракеталарга оид шартномани сақлаб қолишга чақирди
![ЕИ Москва ва Вашингтонни ракеталарга оид шартномани сақлаб қолишга чақирди](https://gdb.rferl.org/A8B6EFBD-98C9-4FAC-AA5A-4B73837513FF_w800_h450.jpg)
Европа Иттифоқи АҚШ ва Россияни Ўрта ва яқин масофаларга учадиган ракеталар тўғрисидаги шартнома бўйича “самарали мулоқот”ни давом эттиришга чақирди.
Мазкур баёнот ЕИ ташқи сиёсат хизмати расмий сайтида Дональд Трамп Москвани бу шартномани бузганликда айблаб, Вашингтоннинг ушбу битимдан чиқишини эълон қилганидан сўнг пайдо бўлди.
Баёнотда Европа томонлар “Европа хавфсизлиги ва глобал хавфсизлик учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган” ушбу келишувни бажаришда давом этишини кутаётгани қайд этилган.
Европа Иттифоқи Россия шартномага риоя қилиш бўйича ўз мажбуриятларига “жиддий” ёндашишига, АҚШ эса ушбу шартномадан чиқиши эҳтимоли оқибатлари тўғрисида ўйлаб кўришига умид билдирган. ЕИ вакиллари янги қуролланиш пойгасидан хавфсираётганларини ҳамда 30 йил аввал тузилган шартнома Европа хавфсизлиги архитектурасининг негизини ташкил этишини эслатганлар.
1987 йилда тузилган ҳужжат Қўшма Штатлар ва СССРга (унинг вориси Россия ҳисобланади) ҳаракат радиуси 500 километрдан 5000 километргача бўлган баллистик ва қанотли ракеталарни сақлаш, ишлаб чиқариш ва синовдан ўтказишни тақиқлаган ҳамда мавжуд бўлган ракеталар ва уларни ишга тушириш қурилмаларини йўқ қилишга йўриқ берганди.