“Телеграм”да беҳаё расмларини каналларда тарқатиш билан қўрқитган зўравон йигитча қўлга олинди
Сурхондарё вилояти, Ангор туманида яшовчи 26 ёшли (аёл) Ф.Н. ариза билан мурожаат қилиб, “Телеграм” мессенжерида “Равшан” номли профиль эгаси, Ф.Н.нинг турли фото-суратлари ва беҳаё тасвирларини Интернет ижтимоий тармоғи орқали тарқатиб юбориш билан қўрқитиб, тарқатмаслик эвазига пул талаб қилаётганлигини маълум қилган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Бухоро вилояти Вобкент туманида яшовчи 22 ёшли В.Е. содир этганлиги аниқланган.
Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган В.Е., жабрланувчи (аёл) Ф.Н. билан “Телеграм” мессенжери орқали ўзини “Равшан” деб таништириб, уни яхши кўриб қолганлигини, келгусида унга уйланиш мақсади борлигини айтиб, уни ишончига кириш орқали унинг турли фотосуратлари ва беҳаё видеотасвирларини қўлга киритиб, ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбориш билан қўрқитган ва тарқатмаслик эвазига 3.000.000 сўм пул талаб қилиб, мазкур пулларни олаётган вақтида Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари томонидан ашёвий далил билан ушланиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, В.Е.нинг содир этилиб фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлиги юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.